Ссылки доступа

Афғонистонлик хотин-қизлар Душанбеда афғон аёлларининг таълим олиш ҳуқуқини ёқлаб намойиш ўтказди


Воҳид Маҳрами
Воҳид Маҳрами

Акция Халқаро таълим кунига бағишланган эди.

Тожикистонда бошпана топган бир гуруҳ афғонистонлик хотин-қизлар Душанбедаги Афғонистон элчихонаси олдида намойиш ўтказди. Улар Толибон ҳаракатининг аёлларга ишлаш ва таълим олишни тақиқловчи сиёсатига қаршилигини билдирди.

Намойишчилардан бири, Воҳид Маҳрамийнинг айтишича, Афғонистондаги аёллар ва қизларнинг аҳволи расмийлар айтаётганидан анча ёмон. Фуқаролик фаоллиги учун қамоқ муддатини ўтаган, таҳдид ва таъқиблардан сўнг Тожикистонга қочишга мажбур бўлган Маҳрамийнинг айтишича, у афғон аёлларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади.

Душанбедаги афғон муҳожирлари ва қочқинлари лицейи директори Нажия Зоҳирнинг айтишича, таълим олиш ҳуқуқи бутун дунёда асосий ҳуқуқлардан биридири, бироқ унинг ватанида барча мактаблар қизлар учун ёпиқлигича қолмоқда.

Намойишчилар Толибоннинг афғон хотин-қизларига нисбатан сиёсатини гендер апартеидига тенглаштириб, халқаро ҳамжамиятдан ушбу ҳақиқатни расман тан олишни сўраган.

Тожикистонда 15 мингга яқин афғон муҳожир ва қочқинлари истиқомат қилади, уларнинг аксарияти хотин-қизлардир. «Ориёно» афғон қочқинлари ташкилотига кўра, Толибон ҳокимиятга келганидан кейин қочқин аёллар сони ортган.

Олти йил аввал БМТ 24 январни Халқаро таълим куни деб эълон қилган. Толибон ҳаракати ўсмир қизлар олтинчи синфдан кейин мактабга боришини тақиқлаган. Аёллар олий таълим муассасаларида ўқишига ҳам таъқиқ жорий этилган. Мамлакат ичидаги кўплаб намойишлар, халқаро ҳамжамият босими ва Ислом уламоларининг тавсиялари Толибон ҳаракатини қизларни ўқишга рухсат беришга кўндира олмаган.

XS
SM
MD
LG