“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 1 февралда имзолангани хусусида Адлия вазирлигига тегишли “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-канали маълумот тарқатди.
Мазкур қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланган. Ҳужжатда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши урғуланган.
Қонунда, хусусан, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш, педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш ҳамда педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш тақиқланиши қайд этиб қўйилган.
Ҳужжатга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар, қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар ва психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.