Ссылки доступа

Тошкент метросида қизга шилқимлик қилган эркак қамалди


Тошкент метросида бир қизга шилқимлик қилган 31 ёшли эркак 5 суткага қамалди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек судида 31 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида эркак ўз айбига иқрор бўлмади, метро вагонида одамлар кўплигини айтиб, унга қиз орқага йиқила бошлагандек туюлганини важ қилди. Шу сабабли қиз йиқилиб тушмаслиги учун елкасидан ушлаб олган экан.

Бироқ суд жараёнида жабрланувчи унинг сўзларини рад этди. Унинг кўрсатмалари иш материалларида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан ҳам тасдиқланди. Бундан ташқари, охирги бекатга етиб келганида, эркак бошқалар билан тушмай, қизни кутди ва унга эргашди.

Суд ҳукмига кўра, M.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилиб, 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Жазо ўталганидан сўнг ҳуқуқбузардан Тошкент шаҳри ИИББ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонаси фойдасига сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун БҲМнинг 15 фоизи миқдорида пул ундирилиши белгиланди.

XS
SM
MD
LG