Ссылки доступа

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири расмий ташриф билан Душанбеда бўлади

Тахминларга кўра, Душанбеда икки мамлакат ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар олиб борилади.

4-5 февраль кунлари Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев Душанбеда расмий ташриф билан бўлади. Ташриф тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддиннинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Қирғиз ТИВнинг ташриф ҳақидаги баёнотида “томонлар қирғиз-тожик муносабатларининг кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиши"дан бошқа тафсилотлар берилмаган.

Тахминларга кўра, Душанбеда икки мамлакат ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар олиб борилади.

Аввалроқ, Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашувида чегаранинг 90% борасида ҳозирча англашув мавжуд эканлиги айтилган эди. Чегаранинг қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилади, деган эди делегацияларга раҳбарлик қилган ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари бошлиқлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG