Ўтган тўрт ой давомида қирғиз-тожик чегарасининг қарийб 196 километри бўйича келишувга эришилган. Бу ҳақда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 5 февраль куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубоев билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда Раҳмоннинг матбуот хизмати.
Тожикистон президенти матбуот хизматининг хабарида айтилишича, бугунги кунда икки давлат чегарасининг деярли 90 фоизини тавсифлаш ишлари якунланган. Раҳмон ва Кулубоев шунингдек трансчегаравий дарёлар ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, парламентар алоқаларни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Аввалроқ, Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашувида чегаранинг 90% борасида ҳозирча англашув мавжуд эканлиги айтилган эди. Чегаранинг қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилади, деган эди делегацияларга раҳбарлик қилган ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари бошлиқлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.
Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.