Ссылки доступа

Тоқаев маъмуриятининг раҳбари бош вазир бўлиши кутилмоқда

Ҳукмрон "Аманат" партияси раҳбари Ерлан Кошанов Бош вазир лавозимига Олжас Бектенов номзодини кўриб чиқиш таклифини президентга киритди.

Бу ҳақда давлат ОАВлари хабар бермоқда.

“Қонунчиликка мувофиқ тарзда, давлат раҳбари таклиф этилган номзодни парламентдаги партия фракциялари раҳбарлари билан муҳокама қилади”, дейилади Оқўрда хабарида.

Янги бош вазир номзоди сешанба куни Қозоғистон раҳбари иштирокида бўлиб ўтадиган парламент қуйи палатасининг ялпи йиғилишида тақдим этилиши кутилмоқда.

Бектенов номзоди тасдиқланса, янги ҳукуматни шакллантириш жараёни бошланади.

Бир кун аввал Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматни тўлиқ таркибда истеъфога чиқарган эди. Бош вазир Алихан Смаиловнинг ўрнига вақтинча Роман Скляр тайинланди.

Қозоғистон президенти фармонида ҳукуматнинг истеъфога чиқарилиши сабаблари айтилган эмас.

43 ёшли Олжас Бектенов ўтган йилнинг апрель ойидан президент маъмурияти раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди. Бунгача у бир йилга яқин Қозоғистон коррупцияга қарши кураш агентлигини бошқарган.

XS
SM
MD
LG