Ссылки доступа

HRW NeMolchi.kz жамғармаси бўйича тергов нохолис ўтказилаётганидан хавотирда


HRW Оқўрдадан ҳукумат танқидчиси ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатида танилган Дина Тансарини таъқиб қилишда адлия тизимини қурол сифатида ишлатмасликни сўраган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон ҳукуматидан NeMolchi.kz жамғармаси раҳбари Динара Смаиловага (Дина Тансари) қарши тергов ҳаракатларни холис ўтказишга чақирди.

HRW баёнотида ҳукумат танқидчиси ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатида танилган Дина Тансарини таъқиб қилишда адлия тизимини қурол сифатида ишлатмаслик сўралган.

2021 йилдан буён чет элда яшаб келаётган Дина Тансарига нисбатан 2023 йилда ёлғон маълумотни тарқатиш, шахсий дахлсизликни бузиш ҳамда иккита фирибгарлик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб сифатида Дина Тансарининг ижтимоий тармоқларда зўравонлик ҳолати ҳақида берган маълумот ҳамда зўравонлик қурбонларига ёрдам сифатида йиғилган маблағни ўзлаштиргани кўрсатилган. Терговчиларнинг иддаосига кўра, Тансарининг постларидаги баъзи важлар ўз тасдиғини топмаган ва бу "муайян фуқароларнинг асосли шикоятларига сабаб бўлган".

Дина Тансари бу айбловларни рад этмоқда ва жиноий ишларни у раҳбарлик қилаётган фондни ёмон отлиқ қилишга уриниш деб баҳолаган.

Терговчиларга кўра, Смаилова жамғармага берилган миллионлаб тенге маблағларни ноқонуний тарзда ўзлаштирган, бироқ унинг адвокатига берилган жиноий иш материалларига кўра, жамғармага ҳайрия маблағларни ўтказган етти минг кишидан атиги олти киши шикоят ёзган, бунда етказилган зарар миқдори эса тахминан 35 долларни ташкил этган. Ҳозирда терговчилар янада кўпроқ одамга босим ўтказиб, жамғарма устидан шикоят киритишга ундамоқда, дейди Смаилова.

Смаилова ҳозир Европа давлатларидан бирида сиёсий бошпана олишга мурожаат қилган.

XS
SM
MD
LG