2023 йилда Тожикистонда тўрт нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими наркотик моддалар савдосида айбланиб қамалган. Шулардан уч нафари Ички ишлар вазирлиги ходими, бир нафари Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара хизмати ходими бўлган. Уларнинг барчаси Хатлон вилоятида хизмат қилган. Бу ҳақида Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлигининг (ННА) вакили Мукбилшо Муяссар 5 февраль куни хабар берди.
У шунингдек Хатлон вилояти ННА бошқармасининг 3 нафар ходими коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан коррупцияда айбланиб ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Аввалроқ Эмомали Раҳмон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Хатлон вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини қаттиқ танқид қилган эди.
Шундан сўнг бу вилоятнинг деярли барча ҲМҚОларида кадр ўзгаришлари рўй берди. Вилоят ҲМҚО раҳбарлари ҳамда вилоят ННА бўлим раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
ННА матбуот анжуманида, шунингдек, 2023 йилда Тожикистонда 5 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари мусодара қилингани, шундан 495 килограммини ННА ходимлари мусодара қилгани маълум қилинди. Хатлон вилоятида энг кўп — 2 тонна 731 килограмм наркотик моддалар мусодара қилинган.