Ссылки доступа

Садир Жапаров таъқибдаги 11 журналист ҳақида: улар “сохта ватанпарварлар”


Жапаров шунингдек Қирғизистон сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича сўнгги рейтингларда паст ўрин олаётганини бундай рейтингларни айнан “сўз эркинлиги ортида яширинганлар” тузиши билан изоҳлади.

Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган навбатдаги интервьюсида яқинда 11 журналистнинг ҳибсга олиниши ва Қирғизистоннинг сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари рейтингидаги ўрни ҳақида фикр билдирди.

Журналистлар оммавий ҳибсга олинишига тўхталган Жапаровнинг фикрича, Қирғизистонда сўз эркинлиги мавжуд ва халқ бу эркинлик жиловланишига йўл қўймайди.

“Сўз эркинлиги борасидаги ҳолат ёмонлашганини таъкидлаётганларнинг ўзлари вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор. "Сўз эркинлиги" орқасига яшириниб, улар хоҳлаган нарсасини қилишмоқда. Булар “сохта ватанпарварлар”, деди давлат раҳбари.

Президентнинг сўзларига кўра, “халқ орасида танқидий фикрлашни қўзғатишга ҳаракат кетмоқда”. Бу эса, унинг фикрича, “қирғиз давлатчилиги, менталитети ва анъаналарига зиддир”. Агар ҳукумат сўз эркинлигига ноҳақ жиловлашга ҳаракат қилганида, халқ аллақачон кўтарилган бўларди, дейди Жапаров.

Унинг фикрича, ҳақиқатан ҳам сўз эркинлигига таяниб, ҳукуматни танқид қилаётганлар, порахўр амалдорларни фош қилаётганлар бутунлай бошқа ҳолат бўлиб, бундай фуқаролар интернет орқали ёки Горкий майдонида ўз фикрларини бемалол айтмоқда. Шу тариқа улар виждонсиз амалдорларни фош қилишга, улардан тозаланишга ёрдам бермоқда.

Жапаров Қирғизистон сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича сўнгги халқаро рейтингларда паст ўрин олаётганини бундай рейтингларни айнан “сўз эркинлиги ортида яширинганлар” тузиши билан изоҳлади. “Агар биз уларнинг шартларига рози бўлганимизда, фитратимизга зид уларнинг зарарли сиёсатини қўллаганимизда бу рейтингларда биринчи ўринга чиққан бўлардик. Бизга давлатчиликни бора-бора маънавий жиҳатдан барбод қиладиган бундай етакчилик керак эмас”, дея хулоса қилди Жапаров.

Қирғизистон сўз эркинлиги бўйича ўз ўрнини бой берган сўнгги рейтинглардан бири коррупция даражасини ўрганувчи халқаро Транспаренсй Интернатионал ташкилоти томонидан эълон қилинган . Ташкилот ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Қирғизистонни “адлия тизими режимдан норозиларни таъқиб қилиш учун қўлланиладиган” бирлашган авторитар давлат сифатида таърифлаган.

Transparency International ташкилотининг 2023 йилги Коррупцияни идрок қилиш индексида Қирғизистон 180 та давлат ичида 141-ўринни эгаллади. Мамлакат бу ўринни Россия ва Гвинея билан баҳам кўради. Ҳисоботда айтилишича, Қирғизистон бор-йўғи тўрт йил ичида фаол фуқаролик жамиятига эга демократия оролчасидан авторитар давлатга айланган.

XS
SM
MD
LG