Ссылки доступа

2023 йилда тожик-қирғиз чегарасининг 170 километри келишиб олинди

Ориф Ходжазода
Ориф Ходжазода

2023 йилда Тожикистон ва Қирғизистон 170 километрлик давлат чегараси бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Тожикистон ер ва геодезия давлат қўмитаси раҳбари, тожик томондан топографик ишчи гуруҳининг раҳбари Ориф Хўжазода маълум қилди.

Хўжазоданинг сўзларига кўра, бугунги кунда Тожикистон-Қирғизистон ўртасидаги 987,6 километрлик чегаранинг 889,45 километри тавсифланган. Бироқ у "томонларнинг келишувига кўра, чегарани тавсифлаш жараёни тугагунга қадар жараён махфий бўлишини" айтиб, келишилган чегара участкалари ҳақида ҳеч қандай ортиқча маълумот бермади.

2023 йил 11 декабрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Боткен аҳолиси билан учрашганда чегарани келишиш жараёни 2024 йил баҳоригача якунланишига умид билдирган эди.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳам 10 январь куни Душанбеда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашувдан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида жорий йилнинг баҳорижа чегарадаги баҳсларга чек қўйилиши кутилаётганини айтган.

Аввалроқ, Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашувида чегаранинг 90% борасида ҳозирча англашув мавжуд эканлиги айтилган эди. Чегаранинг қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилади, деган эди делегацияларга раҳбарлик қилган ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари бошлиқлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG