Ссылки доступа

Тоғли Бадахшонда Оға Хон жамғармасига тегишли Марказий Осиё университети ҳам миллийлаштирилди


Тожикистон ҳукумати ва Оға Хон жамғармаси ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганидан кейин жамғармага тегишли барча мол-мулклар мусодара қилинмоқда. 

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг (ТБМВ) маркази бўлмиш Хоруғда қурилган Марказий Осиё университетининг ер участкаси миллийлаштирилди.

Бу ҳақда Олий хўжалик суди раиси Рустам Мирзозода 8 февраль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Аввалроқ прокуратура Оға Хон Иқтисодий Тараққиёт Жамғармаси (AKDN) томонидан молиялаштирилган Марказий Осиё университетининг кампуси жойлашган Хоруғдаги ер участкаси 90-йиллар охирида ноқонуний тарзда хусусийлаштирганини аниқлаган эди.

AKDN хусусий ривожланиш агентлиги бўлиб, исмоилий мазҳабидаги шиа жамоасининг маънавий етакчиси ва имоми Оға Хон томонидан молиялаштирилади. 250 минг кишилик Тоғли Бадахшон мухтор вилояти аҳолисининг аксарияти ўзларини исмоилийлар деб ҳисоблайди.

Тожикистон ҳукумати сўнгги йилларда ТБМВда Оға Хон иқтисодий тараққиёт жамғармасига тегишли барча мол-мулкларни мусодара қилмоқда.

Аввалроқ Оға Хон билан боғлиқ меҳмонхона, лицей ва шаҳар боғи каби бир қанча йирик мулклар мусодара қилинган эди.

Оға Хон жамғармаси билан Тожикистон ҳукумати ўртасидаги муносабатлар 2022 йил май ойида Тоғли Бадахшонда ҳукуматга қарши намойишлар ортидан айниқса зиддиятли тус олган. Ҳукумат ўзини алоҳида миллат ҳисоблайдиган ва маънавий етакчиси ва имоми сифатида Оға Хонга эргашган бадахшонликлар орасида сепаратистик кайфиятлар кучайганидан хавотирга тушган ва бу олис вилоятни ўз измига қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

XS
SM
MD
LG