Ссылки доступа

Ўзбекистонликлар қалбаки дорилар сотувга чиқарилганидан огоҳлантирилмоқда

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери томонидан яширин шароитида тайёрланган "Зодак", "Анаферон", “Хилак Форте” ва “Витамин Б6” номли қалбаки дори воситалари дорихоналарда сотувга чиқарилганлиги аниқлангани ҳақида хабар қилинди.

ДХХ матбуот хизматига қўра, қалбаки "Зодак", "Анаферон", “Хилак Форте” ва “Витамин Б6” номли дори воситалари Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми “б” ва “е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақирмоқда.

Маълум қилинишича, дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мажбурий риоя этиш фармацевтика соҳасида лицензия талаблари ва шартлари этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ўтган йилнинг октябрь-декабрь ойларида болаларга берилган “Док-1 Макс” доридан расман 65 нафар бола нобуд бўлди. Расмийлар ҳодисани, аввалига илк қайд этилган ҳудуд - Самарқанд вилояти даражасида 2 ой ушлаб туришди ва ўлим сони 15 нафар, дейилди. Аммо, оддий йўтал сиропидан ўлаётган болалар сони кун-кунга ортиб, ота-оналар арзи ёритилгач, фожиани тан олишга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG