Ссылки доступа

Тошкентда яна соқолга қарши рейдлар бўлиб ўтди

 "Малика" бозори
"Малика" бозори

Тошкентнинг номи билан танилган бозорида яна "антисоқол" рейдлари ўтказилгани ҳақида хабарлар олинмоқда. Асосан электр жиҳозлари билан савдо қилувчи ва расмий номи “Техно-Олам” савдо мажмуаси дея аталувчи бу бозор сўнгги йилларда бир неча бор “антисоқол рейдлари”га саҳна бўлган.

Бир биридан мустақил икки савдогарнинг айтишича, охирги рейдлар бу масканда 2 февраль куни бўлган, соқолли камида 10 киши ушланиб, Шайхонтохур тумани ИИБ ҳуқуқий профилактика бўлимига олиб кетилган.

“Жума намозидан кейин мелиса ўндан зиёд намозхон болаларни олиб кетди. Шайхонтохур ГОМига олиб бориб, соқолини олишга мажбурлашган, ё оласан ё 15 суткага қамаймиз деб, қўрқитишган”, - дейди савдогарлардан бири.

“Деярли ҳар жума куни бўлади. Озгина ўсса, ол дейди. Соқоли сал узунроқ бўлса олиб кетиб, қисқартиришга мажбурлайди”, дейди бошқа бир савдогар.

ИИБга олиб кетилганлар диндор бўлганликлари учун соқоллари олинганлигини даъво қилишмоқда.

Малика бозори жойлашган ҳудудга масъул участка нозири соқолга қарши рейдлар бўлганини рад этди. “Тўғри, жума кунлари масжидда намоз пайти фуқаролар тинчлигини сақлаш учун чиқиб қўриқлаб турамиз, масжидда бирон кор-ҳол бўлмасин деб. Одамлар ҳам миннатдор бўлиб раҳмат айтиб кетишади, дуолар қилиб. Энди ўша куни соқол қўйган ўғриларни ушлаб кетган бўлса, шунга йўйишгандир. Лекин, унақа бўлгани йўқ. Шайхонтохурда намозхонлар кўп, бемалол намозини ўқийди, ҳеч ким тўсқинлик қилаётгани йўқ”, дейди участка нозири.

“Малика” савдо мажмуасида бундан олдин ҳам ўнлаб соқолли эркаклар тутиб олиб кетилиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам “Малика” мажмуасидаги савдогарлар соқоли мажбурлаб олингани ҳақда айтишганди.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги расмийлари соқолга тақиқ йўқлиги ва соқолга қарши рейдлар ИИВ ходимлари томонидан ўтказилмаслигини айтиб келади.

Икки йил аввалги антисоқол рейдлари ҳақида сўралганида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов “соқол қўйиш ёки қўймаслик ҳар фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ, бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея баёнот берганди.

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси вакили ўша пайтда “Малика” бозорида савдогарлар соқоли мажбурлаб олинганини рад этаркан, "ҳеч ким соқолини олишга мажбурланмаслигини" таъкидлаган, айни пайтда "ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларга мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини инкор қилмаганди.

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов соқол диний радикализм белгиси сифатида кўрилиши боис хавфсизлик хизматлари диққат марказида бўлиб келишини айтади.

"Соқол қўйиш ҳар кимнинг шахсий иши ва бунинг учун таъқиб қилиш ёки олишга мажбурлаш нотўғри. Лекин бизда соқол радикал ислом белгиси сифатида кўрилади ва бунга муҳофазакорлик билан қаралади".

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, дин давлатдан ажратилган. Диний ташкилотлар ва конфессиялар фаолияти Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

XS
SM
MD
LG