Ссылки доступа

Мамлакатида қор қоплони бор ҳукуматлар Самарқанд резолюциясини қабул қилишди


Қор қоплонларининг яшаш муҳитини асраб-авайлаш бўйича Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Қор қоплони дунё бўйлаб 4-6 мингтагина қолган бўлиб, Халқаро Қизил китобга киритилган. У тоғ-тошларда, денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликда яшайди. Қор қоплони кўчиб юрувчи тур ҳисобланиб, 12 та давлат ҳудудида кузатилган.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Қор қоплони ва экотизимларни муҳофаза қилиш бўйича глобал дастур (GSLEP) бошқарув қўмитасининг вазирлар йиғилишида шу каби бир қатор қизиқарли маълумотлар берилди. Тадбирда қор қоплонлари яшайдиган мамлакатларнинг атроф-муҳит вазирлари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар ва халқаро молия институтлари (XMI) вакиллари иштирок этмоқда.

Мутахассислар томонидан маълум қилинишича, қор қоплони камайиб кетишига бир қатор муаммолар сабаб бўлган: браконьерлик, урбанизация, уй ҳайвонлари. Иқлим ўзгариши ва чўллашув туфайли чорва моллари тобора юқорига кўтарилиб бориши оқибатида қор қоплони ва уй ҳайвонлари ўртасида контакт юзага келди. Натижада чорвадорлар томонидан қор қоплонини овлаш ҳолатлари учраб турибди. Бу масалада маҳаллий аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Йиғилишда қор қоплонлари яшайдиган 12 та давлат ҳукумати, шунингдек, GSLEP котибияти ва ҳамкорлар томонидан Бишкек декларациясини амалга ошириш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлари баҳоланди. Истиқболдаги устувор ҳаракатлар белгиланди, аниқланган молиявий камчиликлар муҳокама қилинди, келажакдаги ресурсларга бўлган эҳтиёж баҳоланди ва қор қоплонини сақлаш ташаббусларини молиялаштириш усуллари аниқланди.

Қайд этилишича, халқаро тараққиёт ташкилотлари, халқаро молия институтлари ва донор давлатлар иштирокидаги мазкур йиғилиш қор қоплонлари популяциясини сақлаш ва иқлим таъсирига мослашиш мақсадида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, лойиҳаларни бошлаш ва мамлакатга грант маблағларини жалб қилиш имконини беради.

“Мулоқотни ўз вақтида ўтказиш, қор қоплонларининг яшаш муҳитини асраб-авайлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш муҳимлигини инобатга олиб, йиғилиш якунлари бўйича асосий мажбуриятлар белгилаб берилган тарихий Самарқанд резолюцияси қабул қилинди”, — дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG