Судда сўз олган давлат айбловчиси музокара сўзида 68 нафар марҳум, 16 нафар ногирон бола учун жабрланувчиларнинг вакилларига 100 миллион сўмдан товон пули тўлаб беришни сўради. Қолаверса, 2 нафар енгил тан жароҳати олган болалар учун эса 20 миллион сўмдан товон пули ундиришни талаб қилди. У бу товон пуллари судланувчилар ҳисобидан қопланиши лозимлигини билдирди.
Прокурорнинг аниқлик киритишича, товон пули сифатида кўрилаётган 8 миллиард 440 миллион сўм 8 нафар судланувчи ҳисобидан ундирилиши керак.
11 август куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси дорилари, жумладан, «Док-1 Макс» йўтал сиропини қабул қилиш оқибатида камида 69 нафар бола вафот этгани билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни бошлаган эди. Судланувчилар 23 кишини (18 эркак ва 5 аёл) ташкил этган.