Ссылки доступа

Қозоғистонда сайғоқ овига вақтинча мораторий эълон қилинди


Сайғоқлар овига мораторий қўзилаш мавсуми бошлангани учун эълон қилингани айтилмоқда.

Қозоғистонда ўтган кузда сайғоқ овига берилган рухсат вақтинча бекор қилинди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири Эрлан Нисанбаевга таяниб хабар бермоқда.

Сайғоқлар овига мораторий қўзилаш мавсуми бошлангани учун эълон қилингани айтилмоқда.

Сайғоқларга ов қилиш улар кўпайиб кетиб экин ва яйловларга зарар етказаётгани ҳақида фермерларнинг шикоятлар туша бошлаганидан сўнг рухсат берилган эди. Ноёб қадимий сайғоқларнинг энг катта популяцияси яшайдиган Ғарбий Қозоғистон вилоятида 226 минг сайғоқни йўқ қилишга кузда қарор қилинган эди.

Октябрь ойидан февралнинг бошигача камида 40 минг сайғоқ отилган, деб хабар берди вазир. Унинг сўзларига кўра, май ойида батафсил ҳисоб-китоблар ўтказилади ва шундан келиб чиқиб, яна ов қилиш мумкин бўлган сайғоқлар сони белгиланади. Унгача, вазирнинг айтишича, сайғоқлар популяцияси тахминан 40 фоизга ўсиб, 2,5-2,6 миллион бошни ташкил қилиши мумкин.

Сайғоқлар Қозоғистонда деярли чорак асрдан бери йўқолиб кетиш хавфи остида турган тур сифатида алоҳида муҳофаза қилинар эди. Уларни овлаш қатъиян тақиқланган ва браконьерлар жиддий жазоларга ҳукм қилиниб келинган. Экология вазирлигининг сайғоқларни ов қилишга рухсат бериши фаоллар ва экологларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG