Остона шаҳар суди гўёки ижтимоий тармоқларда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга чақириқларни бўлишгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилган фаол Асқар Сембайнинг апелляциясини рад этди.
Суд фаолнинг шикоятини 13 февраль куни онлайн тарзда кўриб чиқди ва биринчи инстанция суди тайинлаган жазо жиноятга мутаносиб бўлгани ҳақида ҳукм чиқарди.
Фаол Асқар Сембай қарийб 10 ойдан бери тергов қамоқхонасида ҳибсда сақланмоқда. У гўёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида “экстремистик ташкилот” деб топилган “Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳаракатининг постларини кенг тарқатган ва шу орқали қозоғистонликларни намойишларга чиқишга ва парламент сайловларида қатнашмасликка чақирган.
Асқар Сембай бу айбловларни рад этади. У ҳукуматни очиқ танқид қилганини, лекин ҳеч қачон ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга чақирмаганини таъкидлайди.
Собиқ полиция ходими бўлмиш Асқар Сембай 2019 йилдан бери турли норозилик намойишларда қатнашиб, қозоқ мутасаддиларини инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақириб келади. У ўзининг фуқаровий фаоллиги деб бир неча бор ҳибсга олинган.
У гўёки ижтимоий тармоқларда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга чақириқларни бўлишгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.