Қамоқда жазо ўтаётган Қозоғистоннинг собиқ маданият вазири Аристанбек Мухамедули катта миқдорда пора беришга уринишда ҳам айбдор деб топилди. У аввалроқ давлат бюджетидан ажратилган катта суммани ўзлаштирганликда айбланиб саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Суднинг янги ҳукми билан Мухамедулининг умумий қамоқ муддати 8 йилдан 11 йилгача узайтирилди. Унга шунингдек бир умрга давлат ишида ишлаш тақиқланди.
Пора беришга уриниш бўйича очилган янги жиноий иш доирасида собиқ вазирнинг рафиқаси Галия Исқокова ҳамда адвокати Мустахим Тулеевлар ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Улар пора беришда воситачилик қилганликда айбланган.
Тергов материалларига кўра, 2022 йил декабрь ойида тергов изоляторида сақланаётган Мухамедули қамоқдан тезроқ озод бўлиш ҳамда ўзига тегишли «Дипломат» меҳмонхонаси мусодара қилинмаслик масаласини "ижобий ҳал этиш" учун рафиқаси ва адвокати орқали мутасаддиларга катта миқдорда пора таклиф қилган.
Аристанбек Мухамедули 2022 йилнинг май ойида ҳибсга олинганди. У халқаро кўргазмани ўтказиш учун ажратилган 146 миллион тенгени (337 минг доллардан кўп) ўзлаштирганликда айбланмоқда. Мухамедули 2019 йилда Остонадаги Миллий музейга раҳбарлик қилишни бошлаган. 2021 йил музейда “Олтин одамнинг дунё музейлари бўйлаб юриши” халқаро кўргазмаси ташкил этилган. Кўргазма Россия, Туркия, Греция, Малайзия, Шимолий Македония, Ўзбекистон каби 12 давлатда намойиш этилган.
Мухамедули 2014 йилдан 2019 йилгача Қозоғистон маданият вазири бўлган.
У аввалроқ давлат бюджетидан ажратилган катта суммани ўзлаштирганликда айбланиб саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган эди.