Ссылки доступа

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси "Клооп Медиа"ни тугатиш ҳақидаги қарорни қоралади


Халқаро "Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси" (CPJ) Бишкекнинг Октябрь туман суди "Клооп Медиа" жамоат фондини тугатиш тўғрисидаги қарорини қоралади ва Қирғизистон расмийларини нашр фаолиятига рухсат беришга чақирди.

CPJ таъкидлашича, "Клооп"ни мажбурий тугатиш қирғиз расмийлари “авваллари мамлакатни авторитар қўшниларидан ажратиб турувчи журналистик суриштирувлар марказини йўқ қилиш” ниятида эканлигидан дарак беради.

CPJ Европа ва Марказий Осиё дастурлари координатори Гулноза Саиднинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати Клооп ўз фаолиятини давом этишига қўйиб беришлари, “матбуотни таъқиб кампаниясига чек қўйиши ва мустақил ОАВлар эркин ишлашига имкон бериши” лозим.

Бишкек суди 9 февраль куни прокуратуранинг "Клооп Медиа" жамоат фондини (Kloop.kg сайтини) тугатиш бўйича киритилган даъвосини маъқуллаган эди. Даъвода, хусусан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўтказган текширув сайтда “эълон қилинган материаллар амалдаги ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилгани” ва “аксарияти давлат ва маҳаллий бошқарув орган вакилларини обрўсизлантиришга қаратилгани, тўлалигича салбий характерда эканлигини" кўрсатганлиги айтилган.

Нашр прокуратура даъвосини “сўз эркинлигига мисли кўрилмаган босим” деб атаган. Ташкилот адвокатлари назорат органининг даъвосига эътироз киритган.

"Клооп" журналистларининг Жалолободда "Барселона" футбол академиясининг очилишига бағишланган суриштирувида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг ўғиллари билан қочоқ собиқ президент Қурманбек Бакиев кланига алоқадор россиялик тадбиркор ўртасидаги ришталар мавжудлиги фош этилган.

Кейинроқ президент Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳақиқатдан ҳам “ушбу лойиҳада Ташиевлар, Жапаровлар ва бошқа хорижий инвесторлар иштирок этаётганини” тасдиқлаган. Шу билан бирга, президент "Клооп" нашри “қирғиз халқига фойда эмас, фақат зарар келтираётганини” таъкидлаган ҳамда “Ташиевлар ва Жапаровлар мамлакатга имкониятларни тортиб келаётганидан хурсанд бўлишга” чақирган.

Аввалроқ халқаро "Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси" (CPJ), Human Rights Watch (HRW) ҳамда қирғиз журналистлари даъвони қайтариб олишга чақирган эди. Қатор нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Европа Иттифоқидан ушбу мустақил нашрни тугатиш ҳаракатларига эътибор беришни сўраган.

XS
SM
MD
LG