Ссылки доступа

Тожикистон меҳнат вазири четга ишлашга кетаётган муҳожирлар камайганини иддао қилди


Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 16 фоизга кам.

Тожикистон меҳнат, миграция ва бандлик вазири 2023 йилда четга ишлаш учун кетган муҳожирлар камайганини билдирди.

Вазир Гулнора Хасанзода 13 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, 2023 йилда 652 минг киши хорижда ишлаш учун кетган. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 16 фоизга кам.

Тожикистон ҳукуматининг меҳнат миграцияси борасидаги маълумотлари доим баҳс-мунозарага сабаб бўлади. Россия расмийлари мамлакатга йилига 1 миллиондан ортиқ тожикистонлик ишлашга келаётганини айтади. Тожикистон томонига кўра, бу кўрсаткич бир неча баробар паст.

Статистикадаги ушбу тафовут ҳақидаги саволга вазир фақатгина патент билан ишлашга кетаётганлари меҳнат муҳожири деб билишини айтган.

Журналистлар вазирдан ҳукумат Россиядаги муҳожирлар ҳуқуқлари поймол этилишига муносабат билдирмаслигининг сабабларини ҳам сўраган.

Гулнора Хасанзода айбни мигрантларнинг ўзига юклади. Унинг айтишича, муҳожирлар Россия қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилишлари керак.

XS
SM
MD
LG