Ссылки доступа

Тожикистонда баҳсли асар муаллифи устидан суд тергов изоляторида ўтмоқда


Холикзода
Холикзода

Олий суд биносида "муносиб суд зали топилмаганлиги" айтилмоқда.

Тожикистонда қизғин баҳсларга сабаб бўлган “Ҳаводиси рўзгори ман” асарнинг муаллифи Абдухалил Холиқзода устидан суд тергов изоляторида ўтмоқда. Бунга сабаб Олий суд биносида "муносиб суд зали топилмаганлиги" бўлган.

"Бу иш ҳам, "Тожик Эйр" собиқ раҳбарининг иши ҳам маҳфийлик мақомига эга эмас ва очиқ тарзда кўриб чиқилмоқда. Бироқ тергов изолятори режим объекти бўлгани учун ҳамма ҳам бу суд мажлисида қатнаша олмайди", деган Олий суд раиси Шермухаммад Шохиён 15 февраль куни.

Унинг қўшимча қилишича, суд “Ҳаводиси рўзгори ман” асарнинг муаллифининг ишини деярли кўриб чиқиб бўлди ва шу кунларда унга ҳукм ўқилиши кутилмоқда.

“Ҳаводиси рўзгори ман” асарнинг муаллифи Абдухалил Холиқзода ва маъсул муҳаррир Абдуқодир Рустамларнинг иши 19 январда судга оширилган эди.

“Ибн Сино” тожик-эрон клиникаси асосчиси Абдухалил Холиқзода “Хаводиси рузгори ман” (“Менинг ҳаётий воқеаларим”) китобини март ойида нашр этган. Китобда муаллиф мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитининг аҳволи, коррупция, маданият ва таълим даражасининг пасайиб бораётганидан хавотир билдирган. Китобнинг айрим бўлимлари ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди ва муаллиф мамлакатнинг айрим ҳудудлари аҳолиси шаънини ҳақорат қилишда айбланди.

Китобнинг барча нусхалари китоб дўконлардан мусодара қилинди, муаллифни Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон “тожик халқини ҳақорат қилиш, маҳаллийчилик, одамлар ўртасида адоват қўзғатиш, уларни турли мазҳаб ва динларга бўлиш, мамлакат хавфсизлигига беқарорлик киритиш”да айблади.

Абдухалил Холиқзодага қарши Жиноят кодексининг 189-моддаси 2-қисми “Ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий, диний (конфессиявий) адоват ёки нифоқ қўзғатиш” моддаси билан иш очилган. У беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзини Тожикистон президенти сиёсатининг тарафдори эканлигини урғулаган Абдуҳалил Холиқзода барча айбларни инкор этмоқда. Унинг таъкидлашича, китобдаги фикрлар, асосан, камчиликларни тузатиш, ислоҳ, миллат фаровонлиги ва тараққиётига қаратилган.

Халқаро ҳамжамият азалдан Тожикистон ҳукумати мухолиф фаоллар ва журналистларни қатағон қилаётганини, мустақил матбуотга босим ўтказаётганини танқид қилиб келади. Масалан, ўтган бир ярим йил ичидаёқ Тожикистонда саккиз нафар журналист ва блогер тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорликда айбланиб, 7 йилдан 21 йилгача қамалган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларнинг ўзи бу айбловларни уйдирма дея инкор этади.

XS
SM
MD
LG