Тожикистон Ички ишлар вазири мамлакатда ҳукмрон Халқ демократик партиясининг Кўлобдаги бўлинмаси раҳбарининг хизмат машинаси январь бошида портлатиб юборилишини теракт деб атади.
Вазир Рамазон Рахимзода 15 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу портлатиш "уюшган жиноий гуруҳнинг иши"
эканлигини айтган, бироқ аниқ бир гуруҳга ишора қилмаган. Унинг қўшимча, бу иш доирасида кўп одам қўлга олинган.
Аввалроқ прокуратура терроризм ва конституцион тизимни ўзгартиришга чақириқлар моддаси бўйича жиноят ишини қўзғатгани, 8 нафар гумонланувчи тергов қилинмоқдалиги айтилган эди.
Воқеа жойида “қўлбола портловчи қурилманинг қолдиқлари” топилган. ХДП бўлинмасининг раҳбари Салим Сайвализода жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган эди. Терговни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва ИИВ терговчилари олиб бормоқда.
Озоди радиосининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбасининг айтишича, гумонланувчилардан бирининг уйида ИШИД байроғи топилган. Айтилишича, у ИШИДнинг Ҳуросон қанотида фаолият юритаётган синфдоши орқали бу ташкилот аъзолигига жалб қилинган.
ХДП Тожикистонда ҳукмрон партия бўлиб, унинг аъзолари парламент ва ҳукуматда кўпчиликни ташкил қилади. Унинг етакчиси президент Имомали Раҳмон ҳисобланади. Портлаш Саивализоднинг сиёсий фаолиятига алоқаси бор-йўқлиги ҳам номаълум.