Ссылки доступа

Қорақалпоқ фаоли Оқилбек Муратбай Олмаотада ҳибсга олинди

Фаол яқинларига қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон сўрови билан Қорақалпоғистон масаласи бўйича ушланганини ва айни дамда ички ишлар бўлимида эканлигини айтган.

Қорақалпоғистонлик фаол Оқилбек Муратбай Олмаотада ҳибсга олинди, дея хабар бермоқда ҳуқуқбонлар. Уларнинг айтишича, фаолни қўлга олишда Ўзбекистон ИИВ ходимлари ҳам иштирок этган.

Муратбайнинг ўзи Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 15 февраль куни кечқурун унинг уйига ИИВ ходимлари келгани ҳақида ёзган. Кейинроқ у яқинларига қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон сўрови билан Қорақалпоғистон масаласи бўйича ушланганини ва айни дамда ички ишлар бўлимида эканлигини айтган. Шундан сўнг у билан алоқа йўқолган.

Венада жойлашган Freedom for Eurasia ташкилоти Оқилбек Муратбай Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинганини ёзмоқда. Ташкилотдаги маълумотларга кўра, фаол жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тақатишда ҳамда конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга уринишда айбланмоқда. Фаолни ҳибсга олишда Ўзбекистон ИИВ ходими Муҳамедин Баймурзаев иштирок этганлиги айтилмоқда.

Қозоқ расмийлари ҳозирча Оқилбек Муратбайнинг ҳибсга олиниши борасида изоҳ бермаган.

Аввалроқ қорақалпоқ фаолларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши билан танилган Оқилбек Муратбай Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонасига суҳбатга чақирилгани маълум қилган эди. Консулхонада Муратбайдан "журналистлар унинг баёнотларидан "фил ясамасликлари учун" баёнотларининг "оҳангини юмшатиш" сўралган.

XS
SM
MD
LG