7 йилга озодликдан маҳрум қилинган машҳур марафончи ва рўйхатдан ўтмаган “Олға, Қозоғистон!” мухолифат партияси етакчиси Марат Жиланбоев соғлиғи ёмонлашгани боис қамоғдаги муддатсиз очарчиликни тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ҳақида унинг адвокати Меиржан Доскараев хабар бермоқда.
Жиланбоев очарчиликни Остона суди унга нисбатан ўқилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганига эътироз сифатида бошлаган ва 21 кун ҳеч нарса емаган, дейди адвокат.
Марат Жиланбоев 2023 йилнинг ноябрь ойида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 19 январда ёпиқ тарзда ўтган судда бу ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
60 яшар марафончи “тақиқланган ташкилотга алоқадорлик” ва “экстремистик ташкилот фаолиятини молиялаштириш”да айбланиб қамалган.
У гўёки Францияда яшовчи мухолифатчи Мухтор Аблязов ва у асос солган "Демократик танлов" ҳаракати (Европа парламенти ўз резолюциясиида бу ташкилотни тинч мухолифат деб таснифлаган – таҳр.) билан ҳамкорлик қилган.
Жиланбоев айбловларни рад этади.
Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Марат Жиланбоевни “сиёсий маҳбуслар” рўйхатига киритган.
Марат Жиланбоев 1990 йилларда барча энг йирик, Қорақум, Саҳро чўли, Катта Виктория ва Невада чўлида марафон югурган дунёдаги ягона инсон. У етти марта Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
У Қозоғистонни 30 йилга яқин бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йил баҳорида истеъфога чиқиб, унинг ўрнига Қосим-Жомарт Токаев келганидан сўнг норозилик намойишларида фаол иштирок эта бошлаган.
“Олға, Қозоғистон!” мухолифат партияси етакчиси очарчиликни апелляцияси рад этилишига эътироз сифатида бошлаган ва 21 кун давомида ҳеч нарса емаган.