Бош прокуратура Тожикистонда тақиқланган "Гуруҳ 24" аъзоси Билол Қурбоналиев ҳозирда Душанбедаги тергов изоляторида сақланаётганини тасдиқлади. Прокуратурада 16 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилишича, у уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбланмоқда.
Германия Билол Қурбоналиевни Тожикистонга ноябрь ойида экстрадиция қилган эди. Қурбоналиев Германияда 2022 йилдан бери яшаб келаётган эди, лекин ҳали қочоқлик мақомини олишга улгурмаган. У октябрь ойида Германияда истиқомат қоидаларини бузишда айбланиб қўлга олинган эди.
Муҳолиф "Гуруҳ 24" ташкилоти маълум қилишича, Қурбоналиев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Германияга ташрифи чоғида уюштирилган намойишларда қатнашган. Муҳолифатчиланинг айтишича, Тожикистонда Қурбоналиев қийноқ ва шафқатсиз муносабатга дучор бўлиши муқаррардир.
Сўнгги йилларда Тожикистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини мунтазам поймол этаётгани учун БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари танқидига учрамоқда. Жумладан, Тожикистонга дунёда қайд этилган трансмиллий таъқибларнинг деярли учдан бири тўғри келади. Ҳусусан, 2022 йилда Тожикистон хориждан юзга яқин одамни тутиб олиб келган, уларнинг аксарияти узоқ муддатга қамалган.
Тожик мухолифати президент Имомали Раҳмонни яккаҳокимликда, барча лавозим ва бойликларни ўз қариндошлари орасида тақсимлашда, ўзгача фикрга тоқатсизликда ҳамда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айблайди. Тожикистон ҳукумати бу айбловларни рад этади.
Қурбоналиев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Германияга ташрифи чоғида уюштирилган норозилик намойишларида қатнашган.