Тожикистонда 2023 йилда “фарзандининг таълим-тарбияси борасида камчиликларга йўл қўйган" ота-оналарга нисбатан 14 минг 126 та маъмурий иш қўзғатилган.
Бу ҳақда «Ховар» ахборот агентлиги Тожикистон Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар бермоқда.
Ота-оналар асосан “Ота-оналарнинг болаларга таълим ва тарбия беришда мажбурияти тўғрисида”ги қонунни бузганликда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Ушбу қонунга кўра, ота-оналар вояга етмаган фарзандининг мактабдаги давомати, кечаси компьютер ўйинлари ёки интернет хизматларини кўрсатувчи кўнгилочар муассасаларга бормаслиги учун маъсулдир.
Ушбу қонун 2011 йилда қабул қилинаётгандаги вазият билан таниш экспертларнинг фикрича, қонундан кўзланган асосий мақсадларидан бири қизларнинг эрта никоҳини олдини олиш ва мажбурий ўрта таълим олишини таъминлашдан иборатдир.
Эрта никоҳ ва унинг оқибатлари бугунги кунда Тожикистонда ўта долзарб муаммо ҳисобланади.
Экспертларининг фикрича Тожикистонда 18 ёшдан кичик қизларнинг эрта турмуш қуришига миллий этник урф-одатлар, камбағаллик ва эрта ҳомиладорлик мажбур қилмоқда.