«Суд ҳайъати авваламбор мен адвокатларим, ҳимоячиларим томонидан музокара давомида келтирилган важ ва далилларнинг барчасига қўшиламан. Тергов томонидан менга қўйилган айбларнинг бирортасига ҳам иқрор эмасман, деб ҳисоблайман. Менга қўйилган айбловлардан бирортасида менда қандайдир жиноий қасд ёки совуққонлик бўлмаганини таъкидлаб ўтаман», деди Кариев.
У тергов ёки суд давомида ўзининг кўрсатмалармни ўзгартирмаганини таъкидлади, дея хабар бермоқда Kun.uz нашри.
«Менга қарши кўрсатма бераётган одамларнинг барчаси ўзининг кўрсатмасини ё ўзгартирди, ё бошқача важлар билан тўлдирди. Бу, албатта, далолатки, уларнинг менга қарши бераётган кўрсатмасида ҳаққонийлик йўқлигидан», деди Кариев.
«Менга асосий қўйилаётган айблардан бири бу гўёки мен инспекциядан ечилиш бўйича топшириқ берган эканман. Бу нарса бўлмаган ва бунақа топшириқ бермаганман», — дея таъкидлаган агентликнинг собиқ раҳбари.
Сардор Кариев буларни инобатга олган ҳолда суддан ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўради.
Олдинги суд мажлисида Кариевнинг адвокатлари нутқи тингланиб, улар терговда Кариевга қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмаганини айтганди.
Аввалроқ, суд иши доирасида прокурор суд ҳайъатидан Сардор Кариевни 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташни белгилатишни сўраганди. Quramax (дори импорт қилувчи) компаниясининг собиқ директорини эса 20 йилга озодликдан маҳрум этиш сўралган. Шунингдек, прокурор 68 нафар қурбон, 16 нафар ногирон бола учун жабрланувчиларнинг вакилларига 100 миллион сўмдан товон пули тўлаб беришни талаб қилган. Бундан ташқари, у суддан 2 нафар енгил жароҳат олган болалар учун 20 миллион сўмдан товон пули ундирилишини сўраган. Давлат айбловчиси қайдича, 8 миллиард 440 миллион сўмлик товон пули 8 нафар судланувчи ҳисобидан ундирилиши лозим.
“Док-1 Макс” бўйича жиноят иши судда ўтган йилнинг 11 августидан кўриб чиқила бошлаган. Мазкур иш бўйича 23 киши (18 нафар эркак ва 5 нафар аёл) судланаётгани айтилган.