Ссылки доступа

Олмаотада қўлга олинган қорақалпоқ фаоли оммавий тартибсизликларга чақиришда айбланмоқда

Kazakhstan - Akylbek Muratbay.
Kazakhstan - Akylbek Muratbay.

У Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин.

Олмаотада Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинган қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай) оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ Жиноий кодекснинг икки моддаси бўйича айбланмоқда. Суд 17 февраль куни уни 40 кунга ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Бу ҳақда Азаттик радиосига маълум қилган Муратовнинг синглиси Фариза Нарбекованинг айтишича, суд мажлиси унинг адвокатининг иштирокисиз бўлиб ўтган.

Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинган эди. Полиция баёнотига мувофиқ, ҳозирда Қозоғистон Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Ақилбек Муратбай Ўзбекистон фуқаросидир, лекин оҳирги 10 йиллан бери у Қозоғистонда яшаб келмоқда ва Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспорасининг етакчиси сифатида танилган.

Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ҳуқуқбонлик ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди. Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.

Россиядаги “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарёв ўз баёнотида Ақилбек Муратовни Олмаотадаги қорақалпоқ диаспорасининг асосий фигураларидан бири ўлароқ қайд этган. У Қозоғистон ва халқаро ОАВ, Қозоғистон давлат идоралари ва Ўзбекистон консулхонаси билан фаол мулоқотда бўлган. Ўтган йил октябрида ОАВда махсус хизматлар Ақилбек Муратбайнинг Навоийдаги қариндошларидан бирини қўрқита бошлагани, Ўзбекистон бош консулининг маслаҳатчиси эса ундан қорақалпоқ муаммоси бўйича чиқишларидаги “оҳангни юмшатиш”ни сўрагани, бироқ Муратбай бу “тавсия”ни бажармагани ҳақида хабарлар тарқалган.

XS
SM
MD
LG