Ссылки доступа

Қирғизистонда аскарларни таҳқирлаб, озиқ-овқатидан уриб қолган ҳарбий қисм раҳбарлари ҳибсга олинди


19 февраль куни Қирғизистон Бош прокуратураси Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳрида жойлашган 2028-сонли ҳарбий қисмда қонунбузарликлар аниқлангани ҳақида маълум қилди.

Текширувга 6 февралда ҳарбий қисм раҳбариятининг ҳуқуқбузарликларини фош қилган кичик сержант Юлдуз Асанакунованинг видеомурожаати сабаб бўлган. Бу видеомурожаат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб кетди.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, ҳарбий қисм командири, унинг ўринбосари ва яна икки мансабдор кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Улар ваколатни суиистеъмол қилиш, соғликка оғир зарар етказиш каби жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Аввалроқ, ушбу ҳарбий қисмда 10 йилдан бери тиббий ходим сифатида ишлаб келаётган кичик сержант Юлдуз Асанакунова ўз видеомурожаатида қисм аскарлари мунтазам калтакланиши ва таҳқирланиши ҳамда аскарлар учун ажратилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари талон-тарож қилинаётганлиги устидан шикоят қилган.

Унинг айтишича, видеомурожаатидан сўнг у ҳарбий қисм раҳбарлари томонидан босимга учраган. Видеомурожаатнинг эртаси куни Қирғизистон Чегара хизмати ички текширув Асанакунова билдирган даъволар ўз тасдиқини топмаганини айтган.

XS
SM
MD
LG