Ссылки доступа

Қирғизистон президенти Иссиқкўл аҳолиси билан уран конини ўзлаштиришни муҳокама қилди


2019 йилда Қизил-Омполни ўзлаштиришга қарши чиққан маҳаллий аҳоли Бишкекда норозилик намойишларини ўтказган эди.

Президент Садир Жапаров 19 февраль куни Балиқчи шаҳрида Иссиқкўл вилоятининг Тўн тумани ва Норин вилоятининг Қўчқор туманлари аҳолиси билан Қизил-Омпол конини ўзлаштириш режасини муҳокама қилди.

Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати хабар берди.

“Аҳолига конни ўзлаштириш билан боғлиқ долзарб маълумотлар берилди, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар ва давлат раҳбари жавоб берди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

2019 йилда Қизил-Омполни ўзлаштиришга қарши чиққан маҳаллий аҳоли Бишкекда норозилик намойишларини ўтказган эди.

Қизил-Омпол уран кони Иссиқкўл вилоятининг Тўн туманида жойлашган. У 1951 йилда кашф этилган. Совет давридаги геология-қидирув ишлари натижаларига кўра, коннинг заҳираси 13 минг тонна уран қийматида баҳоланган. Геологларнинг фикрича, Қизил-Омполда урандан ташқари торий, цирконий, титан, фосфор ва бошқа моддалар ҳам бор.

2019 йилдаги кенг миқёсидаги норозиликлардан сўнг президент Сўронбой Жеенбеков “Қирғизистонда уран ва торий конларини ўзлаштириш мақсадида ер қаърини геологик ўрганиш билан боғлиқ фаолиятни тақиқлаш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.

XS
SM
MD
LG