Ссылки доступа

Қозоғистон вазири журналист Думан Муҳаммадкаримни озод этиш борасидаги HRW чақириғига кўшилмаслигини айтди


Журналист экстремизмни молиялаштириш ва тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этишда айбланмоқда.

Қозоғистон информация ва маданият вазири Аида Балаева қозоқ мутасаддилари норозиларни "экстремизм" каби ўта мавҳум айбловлар асосида таъқиб қилаётгани ҳақидаги Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг баёнотига қўшилмаслигини айтди.

Сенат кулуарида Озодлик муҳбири вазирдан HRW журналист Думан Муҳамадкаримни сиёсий маҳбус сифатида эътироф этиб, уни озод қилишга чақиргани ҳақида сўраган. Шошиб турган вазир "Мен бу фикрга қўшилмайман" деб, хонани тарк этган.

Аввалроқ Human Rights Watch Остона қонунчиликда "экстремизм"га берилган таърифни қайта кўриб чиқиб, уни лўндароқ ва торроқ маънода ифодалаши лозим ҳамда ундан танқидни йўққа чиқаришда фойдаланишни бас қилиши керак деган баёнот берган эди. HRW баёнотида танқидий кайфиятни бўрттириб "экстремизм" деб таснифлаш ва таъқиб қилиш халқаро инсон ҳуқуқлари қонунчилигини бузиш ҳисобланиши урғуланган.

Бу баёнот журналист ва фаол Думан Муҳамадкаримнинг суди бўлиши кутилаётган бир пайтда берилган.

Youtube платформасида "НД" (“Не Дейди”) каналининг муаллифи Думан Муҳаммадкарим июнь ойидан бери изоляторда сақланмоқда. У экстремизмни молиялаштириш ва тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этишда гумон қилинмоқда. Таъқибга журналист қувғиндаги собиқ банкир ва мухолифатчи Мухтор Аблязовдан олган интервьюси сабаб бўлган.
Муҳаммадкаримнинг ҳибсга олиниши турли журналистлар уюшмалари ҳамда инсон ҳуқуқ ташкилотлари қоралаган. Ҳуқуқбонлар уни Қозоғистондаги “сиёсий маҳбуслар” рўйхатига киритган.

Қозоқ расмийлари ҳукуматни танқид қилиш билан танилган мустақил журналистнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилмоқда, дейди HRW Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман.

“Қозоқ расмийлари "экстремизм" таърифини торроқ маънода талқин қилиши лозим. Бу моддани танқидчи ва фаолларга нисбатан қўллайвериш суиистеъмолга сабаб бўлмоқда”, дейди Ритман.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг эслатишича, 30 ноябрда суд рўйхатдан ўтмаган “Олға, Қозоғистон!” мухолифат партияси етакчиси Марат Жиланбоевни ҳам худди шундай айбловлар билан етти йилга озодликдан маҳрум қилган.

“Думан Муҳамадкарим ва Марат Жиланбоевлар анчадан бери асоссиз равишда ҳибсда ўтирибди ва улар зудлик билан озод этилиши керак”, дейди Мира Ритман.

HRW маълумотларига кўра, 2018 йилдан бери Қозоғистонда ўнлаб фаоллар "экстремизм"да айбланиб асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган. Остона сиёсий таъқиблар ҳақидаги даъволарни рад этади.

XS
SM
MD
LG