Ссылки доступа

БМТ тожик аёллари учун 150 та касбга қўйилган тақиқни олиб ташлашга чақирди


Хатлондаги туз ишлаб чиқиш цехида ишлаётган аёллар
Хатлондаги туз ишлаб чиқиш цехида ишлаётган аёллар

БМТга кўра, аёллар 150 та касб-ҳунарни эгаллашига тақиқ гендер стереотипларига таяниб аёлларни ҳаддан ташқари ҳимоя қилишдир.

БМТнинг Аёлларга нисбатан дискриминацияга барҳам бериш қўмитаси Тожикистонда аёллар ҳамон кўплаб касб-ҳунар билан шуғулланишига тақиқ борлигига хавотир билдирди.

Қўмита 19 февраль куни қатор давлатларда, жумладан, Тожикистонда бу борадаги вазият бўйича ўз ҳисоботини эълон қилган.

Ҳисоботда айтилишича, тожик аёллари “ер ости ишларида ва зарарли шароитларда” фаолият юритиши ҳамда 150 та касб-ҳунарни эгаллашга тақиқ гендер стереотипларига таяниб аёлларни ҳаддан ташқари ҳимоя қилишдир.

Қўмита Тожикистон ҳукуматига “Меҳнат кодексини тенглик ва камситилмаслик тўғрисидаги янги қонунга мувофиқлаштиришни ҳамда зудлик билан аёллар учун 150 та касбга мавжуд тақиқни бекор қилишни" тавсия қилган. Шунингдек, қўмита экспертлари технологик тараққиётни ҳисобга олган ҳолда мавжуд чекловларни қайта кўриб чиқишни ҳамда хавфли меҳнат шароитларидан ҳимояланишнинг тегишли кафолатларини аёллар ва эркаклар учун бирдек қабул қилишни таклиф қилган.

Аввал Тожикистонда аёлларга 334 та касбда ишлаш тақиқланган эди. 2023 йилда ислоҳ этилган янги рўйхатга кўра, ҳозирда аёллар иқтисодиётнинг 22 та тармоғидаги 194 та касбда ишлай олмайди.

Ҳозирда масалан, аёллар дурадгорлик, бурғулаш, туннел қазиш, кончилик, сапёрлик, чилангарлик каби касбларни эгаллашига тақиқ мавжуд.

БМТ Қўмитасининг ҳисоботида шунингдек афғон аёлларнинг Тожикистондаги қийин аҳволига эътибор берилган. Тожикистон мамлакатга келиб қолган афғон эркакларини мажбуран Афғонистонга депортация қилаётгани афғон аёлларига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Толибондан қочиб келган кўплаб афғон аёллари ҳам турмуш ўртоғи билан Афғонистонга қайтишга мажбур бўлмоқда, чунки улар Тожикистонда фарзандларини якка ўзи боқишда қийналиб қолмоқда.

БМТ тожик ҳукуматини қочқин аёллар, айниқса, афғон аёллари хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлашга ҳамда оилалар ажралмаслиги учун чоралар кўришга чақирди.

Тожикистонда ҳозирда Толибондан қочиб бошпана излаган юзлаб афғон фуқаролари бор. Уларнинг аксарияти Тожикистонда вақтинча, бирор Ғарб мамлакатига кўчиб ўтгунча қолмоқда.

XS
SM
MD
LG