Хитойнинг I-Soon инфохавфсизлик компанияси томонидан ишлаб чиқилган жосуслик дастури Хитойнинг қўшнилари ҳудудида, жумладан Қозоғистонда турли нозик маълумотларни яширинча йиғаётгани ошкор бўлди.
Кибер-хавфсизлик ва IT технологияларга ихтисослашган қатор ОАВ хабар беришича, номаълум шахслар GitHub платформасига Хитойнинг I-Soon инфохавфсизлик компаниясининг ички ҳужжатларини жойлаган.
Ҳужжатларда Хитой дунё бўйлаб ижтимоий платформалар, телекоммуникация компаниялари ва бошқа ташкилотлардан яширинча маълумот олишига мўлжалланган жосуслик дастурлари муҳокама қилинган.
Ҳужжатларда айтилишича, Хитой жосуслик дастури, жумладан, Қозоғистоннинг Beeline ва Tele2 телекоммуникация компанияларидан ҳам нозик маълумотларни ўғирлашга муваффақ бўлган.
Тадқиқотчилар бу жосуслик амалиёти Хитой ҳукумати томонидан уюштирилганлигини гумон қилмоқда.
20 февраль куни Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Миллий хавфсизлик қўмитаси билан биргаликда "маълумотлар қандай сизиб кетганлиги”ни ўрганаётганини маълум қилди. Вазирлик ортиқча тафсилотларни келтирмаган.
“Таҳлил натижаларига кўра, тегишли ташкилотларда шахсий маълумотлар ва уларни муҳофаза қилиш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида режадан ташқари текширишлар ўтказилади”, дейилади вазирликнинг баёнотида.