21 февраль куни Қозонда Тожикистон ва Россия президентларининг учрашуви бўлиб ўтди ва у икки дақиқагина давом этди.
Россия телеканаллари намойиш этган лавҳада Раҳмон Путинга “тоғдай бардош” ("стальные нервы") тилаганлиги акс этилган.
"Сизга муваффақиятлар ва энг аввало, сиҳат-саломатлик, тоғдай бардош тилайман. Ҳаммаси яхши бўлади", деди Раҳмон Путинга.
Тожикистон президенти айнан нимани назарда тутгани мавҳумлигича қолмоқда, бироқ Путин табассум билан ҳамкасбига миннатдорчилик билдирди.
Тожикистон президентининг матбуот хизмати “учрашувда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилингани” ҳақидаги қисқа хабар билан чекланган.
Икки президентнинг учрашуви шу кунлар Қозонда бўлиб ўтаётган “Келажак ўйинлари” турнирининг ҳошиясида бўлиб ўтди. Ўйинларнинг очилиш маросими учун Қозонга Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Серб республикаси президентлари йиғилган.