Швейцариянинг Глобал муаммолар институти (Swiss Institute for Global Affairs - SIGA) 21 февраль куни маълум қилишича, Тожикистон илтимосига биноан Толибон "Ансорулло" жамоати билан музокаралар олиб бормоқда. Афғонистонда фаолият юритаётган ва Тожикистон фуқароларидан ташкил топган "Ансорулло" ҳаракати расмий Душанбени ўзига душман деб билади.
Тожикистон вакиллари ва Толибон ўртасидаги музокаралар 2023 йил ноябрида бошланган. Толибон махфий полицияси раҳбарининг ўринбосари Раҳматулла Нажиб Тожикистонда расмийлар билан бу борада музокаралар ўтказган. Учрашувда тожик томони аввалига Ансорулло аъзоларини Тожикистонга экстрадиция қилишни сўраган, бироқ суҳбат якунида Толибон Тожикистон вакиллари ва Ансорулло ўртасида учрашув ташкил этишда ёрдам бергани маъқул деган хулосага келинган.
Январда Озоди радиосининг аксилтеррор тузилмаларидаги манбаси ҳам Тожикистон ҳукумати ва Толибон ўртасида музокаралар бўлиб ўтганини тасдиқлаган эди.
“Ансорулло" жамоати 1997 йилда тинчлик битими шартларини қабул қилишдан бош тортган мухолифат кучларининг собиқ қўмондони, Тожикистон фуқароси Амриддин Табаров томонидан тузилган. У Афғонистонга ўтиб кетган, саккиз йил аввал унинг ўлими ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасида жойлашган бу гуруҳнинг сони 200-300 кишига етиши мумкин. Толибон Тожикистон билан чегаранинг айрим участкалари назоратини ушбу гуруҳга топширган.
Толибон расман бу гуруҳ Афғонистонда эканлигини инкор этади, бироқ 2023 йил декабрида Тожикистон расмийларига йўллаган мактубида улар Ансорулло етакчилари билан икки марта учрашганликлари ва уларни музокарага кўндиришга уринганликлари ҳақида хабар беришган. SIGAнинг Толибон ҳукуматидаги манбаси маълум қилишича, аввал Тожикистон билан музокараларни қатъиян рад этган Ансорулло ўз позициясини юмшатишга рози бўлган. Музокараларнинг бошида улар Тожикистонда Исломий давлат тузишни, Россия қўшинларини Тожикистондан олиб чиқиб кетишни, Ансорулло аъзоларини қамоқдан озод қилишни ва Ислом мадрасаларини ташкил этилишини талаб қилган. Бироқ учрашув якунида, манбанинг ёзишича, "Ансорулло" фақатгина Россия ҳарбийларини Тожикистондан чиқариб юбориш билан чекланишга рози бўлган.
Минтақадаги дипломатлардан бирига кўра, гуруҳ ҳақиқатан ҳам Россия қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш шартини илгари сурган. Аммо дипломатнинг айтишича, бу шартни бажариш имконсиздир.
Ансоруллога яқин манбанинг SIGAга айтишича, улар Тожикистон ҳукумати билан сулҳни рад этган ва бу қарашда қатъий турибди.
Швейцария тадқиқот институти Тожикистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги махфий музокаралар тафсилотларини ошкор қилди.