Маълум қилинишича, 2000 йилда Жиззах вилоятида туғилган шахс интернет тармоғи орқали Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти аъзоси билан танишиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни мақсад қилади.
Сўнгра виртуал танишининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг эътиборига тушмаслик бўйича берган кўрсатмалари асосида, 2023 йилнинг июнь ойида авиачиптани айнан учиб кетиш куни қиммат нархда бўлишига қарамай, сотиб олиб, Истанбул шаҳрига жўнаб кетади.
Туркия орқали Сурияга ўтган жиззахлик йигит «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти аъзолари сафида ғоявий ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтади.
Аммо, Сурия ҳукумати кучлари томонидан амалга оширилган ҳарбий амалиётлар натижасида жиддий жароҳат олади. Соғлиги тикланганидан кейин, у террористик ташкилотнинг хўжалик ишларига жалб этилади.
2023 йилнинг декабрь ойида даволаниш учун яширин йўллар билан Суриядан қўшни давлатга ўтган вақтида қўлга олингач, Ўзбекистонга олиб келинди. Йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 155 прим 2-моддаси (Террорчилик фаолияти учун ўқувдан чиқиш) ҳамда 244 прим 2- моддаси (Диний экстремистик ташкилотлар тузиш, уларда қатнашиш) билан жиноий иш қўзғатилди.