Олмаотада Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинган қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратовга (Ақилбек Муратбай) Нукус воқеаларига бағишланган хотира тадбири ҳамда фаол Қўшқарбай Тўремуратовнинг ЕХҲТ конференциясидаги чиқиши ҳақидаги видоени тарқатгани учун айблов эълон қилинди.
Муратовнинг адвокати маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати Нукус воқеаларининг 500 кунлигини хотиралаш учун уюштирилган тадбирни “тартибсизликлар ва зўравонликларга оммавий чақириқ” сифатида малакалаган. Қорақалпоғистонлик фаоллар 2023 йил 13 ноябрь куни чироқни 16 дақиқага ўчириш акциясини тарғиб қилган эди(қорақалпоқ фаоли Даулетмурат Тожимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.— Таҳр). Бундан ташқари, фаол Қўшқарбай Тўремуратовнинг 2023 йил октябрь ойида бўлиб ўтган EХҲТ конференциясидаги нутқини тарқатганлик “жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш” сифатида малакаланган.
Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинган эди. Полиция баёнотига мувофиқ, ҳозирда Қозоғистон Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Аввалроқ суд уни уни 40 кунга ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.
Ақилбек Муратбай Ўзбекистон фуқаросидир, лекин оҳирги 10 йиллан бери у Қозоғистонда яшаб келмоқда ва Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспорасининг етакчиси сифатида танилган.
У Қозоғистон ва халқаро ОАВ, Қозоғистон давлат идоралари ва Ўзбекистон консулхонаси билан фаол мулоқотда бўлган. Ўтган йил октябрида ОАВда махсус хизматлар Ақилбек Муратбайнинг Навоийдаги қариндошларидан бирини қўрқита бошлагани, Ўзбекистон бош консулининг маслаҳатчиси эса ундан қорақалпоқ муаммоси бўйича чиқишларидаги “оҳангни юмшатиш”ни сўрагани, бироқ Муратбай бу “тавсия”ни бажармагани ҳақида хабарлар тарқалган.
Олмаотада қўлга олинган қорақалпоқ фаолига Нукус воқеаларига бағишланган хотира тадбири деб айблов эълон қилинди

Ақилбек Муратбай Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин.