26 февраль куни «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича якуний суд қарори эълон қилинади, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати.
2023 йилнинг 11 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси дори воситалари, жумладан, «Док-1 Макс» йўтал сиропини истеъмол қилиши оқибатида камида 69 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни бошлаган.
Айбланувчилар 21 киши (16 эркак ва 5 аёл)ни ташкил этади, жумладан, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариев ва Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар.
Мазкур иш бўйича улар Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, хусусан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва бериш, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказишда айбланмоқда.
12 февраль куни бўлиб ўтган якуний суд мажлисида прокурор музокараси тингланган.
Ўз сўзида прокурор суддан 68 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган расмий дилер — Quramax Medical МЧЖ директори С. Р. П.га 20 йиллик қамоқ жазоси тайинланишини сўраган.
Шунингдек, у Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари ҳамда унинг икки ўринбосарининг ҳар бирига 18 йиллик қамоқ жазоси сўраган.
Прокурор 68 нафар қурбон, 16 нафар ногирон бола учун жабрланувчиларнинг вакилларига 100 миллион сўмдан товон пули тўлаб беришни талаб қилган. Бундан ташқари, у суддан 2 нафар енгил жароҳат олган болалар учун 20 миллион сўмдан товон пули ундирилишини сўраган. Давлат айбловчиси қайдича, 8 миллиард 440 миллион сўмлик товон пули 8 нафар судланувчи ҳисобидан ундирилиши лозим.