Мустақил журналист Лукпан Ахмедьяров ҳамкасби Раул Упоров билан биргаликда 2022 йил январь воқеалари ҳақида «Қантар» ҳужжатли фильмини суратга олди. Бу ҳақда у Инстаграмдаги саҳифасида маълум қилди.
“Биз бу фильмни икки йил суратга олдик. Қозоғистоннинг 12 та шаҳрида бўлдик. Полиция ва ҳарбийлар одамларга қарата ўқ узган барча аҳоли пунктларида бўлдик. Тўрт соатлик фильм бўлди”, деб ёзади журналист.
Ики қисмдан иборат фильм “тўлиқ хайриялар эвазига” суратга олинган, дейди муаллифлар.
Фильм “Просто Журналистика” Youtube каналида чоп этилган. Фильмнинг биринчи қисмида фуқароларнинг оммавий норозилигидан кейин мамлакатда Нурсултон Назарбоевнинг ҳокимияти қулагани ҳикоя қилинади. Фильмнинг иккинчи қисмида "жамият бу учун тўлаган юқори бадал" ҳақида сўз юритилади.
Давлат ОАВлари ҳам Қантар (январь) воқеалари ҳақида фильмлар яратган. Одатда уларда бу воқеалар “бир марказдан мувофиқлаштирилган террорчилар ҳаракати” сифатида тасвирланган.
2022 йилнинг январида содир бўлган қонли воқеаларга нарх-наво қимматлашгани ва турмуш даражаси пасайиши сабаб бўлган эди. Суюлтирилган газ нархини тушириш талаби билан Қозоғистон ғарбида бошланган норозилик акциялари мамлакатнинг деярли барча шаҳарларини қамраб олган умуммиллий намойишларга айланиб кетди. Бироқ тинч митинглар тўрт кундан сўнг бебошликлар ва қон тўкилиши билан якун топди. Қозоғистон илтимоси билан мамлакатга КХШТ кучлари киритилган эди.
Қозоғистон президенти Тоқаев чет элда етиштирилган аллақандай “террорчилар” мамлакатга ҳужум қилгани ва ҳокимиятни босиб олишга уринганини иддао қилди. Аммо у ўз иддаосини тасдиқлайдиган бирон бир ишончли далилни кўрсатгани йўқ.
Айни чоғда ҳуқуқбонларда тутқунлар “терроризм”, “оммавий тартибсизликлар”, “қурол ўғирлаш” ва бошқа жиноятларини тан олишлари учун тергов изоляторларида қийноққа солингани ва турли босимларга йўлиққани ҳақида бир қанча гувоҳлик кўрсатувлари мавжуд.