Ссылки доступа

Олмаотада фем-фаол 8 март куни аёллар маршига ижозат талабида намойиш ўтказди


Журналист Айсулу Тойшибек Олмаотада яккахон намойиш ўтказиб, ҳокимиятидан 8 март куни аёллар маршини ўтказишга рухсат беришни талаб қилди.

Қозоқ тилида “Аёл нима истайди? Аёл маршни истайди. Марш бўлсин" шиорини кўтарган фаол пикетни 27 февраль куни тушда бошланди. 8marchkz лойиҳасининг instagram-саҳифасида жонли узатилган намойишда Айсулу Тойшибек шаҳар ҳокими Ерболат Досаевга мурожаат қилиб, 8 март куни "сўралган кўчалар ва сўралган сонда" хотин-қизлар юришига рухсат беришни талаб қилган.

Аввалроқ "Феминита" ҳаракатининг фаоли Акторгин Аккенжебаласи ҳам Олмаотада ҳудди шундай акция ўтказган эди.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи турли ҳаракатлар Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Қозоғистон аёлларининг эркинлиги ва хавфсизлиги” мавзусида аёллар намойиши ва маршини ўтказишга бел боғлаган.
Бироқ 2024 йил 8 март куни ўтказилиши режалаштирилган ушбу оммавий тадбирлар учун ижозат беришни Олмаота ҳокимияти камида уч маротаба рад этган. Ҳокимият ўз рад жавобида сўралган тадбир ҳудуди ўша куни банд эканлигини ёки ушбу мавзудаги тинч йиғилишлар жамоат тартибини бузилишига олиб келиши хавфи мавжудлигини таъкидлаган.

Фем-фаоллар яккахон пикетлар туркуми орқали ҳокимиятдан тадбирга ижозат беришни талаб қилиб келмоқда.

2020 йилдаги “тинч намойиш ва йиғилишлар тўғрисида”ги қонунга кўра, режалаштирилган тадбирдан камида беш иш куни аввал маҳаллий ҳокимиятга билдиришнома юборилиши керак. Ҳуқуқбонлар ушбу талаб халқаро стандартларга жавоб бермаслигини урғулайди.

XS
SM
MD
LG