Ссылки доступа

Бойсунда ис газидан бир оиладан беш киши вафот этди


Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида бир оила аъзоси бўлган беш киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Бу воқеа 25 февраль соат 10:30 ларда “Дуоба” маҳалласида қайд этилган. 43 ёшли оила бошлиғи Ж. Х., унинг 10 ёшли ўғли, 7 ва 5 ёшли икки қизи уйида ухлаб ётган вақтида темирдан қўлбола ясалган печдан чиққан ис газидан димиқиб ўлган.

Вафот этган эркакнинг 39 ёшли хотини З.Н., ва 16 ёшли қизи касалхонага ётқизилган. Аммо қиз 27 февраль куни касалхонада вафот этган.

Бойсун туман прокуратураси бу воқеа юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда.

Расмий статистикага кўра, ҳар йилги қиш мавсумида ис газидан юзлаб ўзбекистонликлар заҳарланади ва уларнинг кўпчилиги ўлим билан якунланади.

Озодликнинг 2023 йил 18 декабрдаги Zimiston дастурида Фарғона ва Наманганда икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманидаги “Кенес” овулида ўтган йилнинг 15 декабрида бир оиладан бўлган беш киши ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинган.

Бош прокуратура ўтган йил 21 ноябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида эр-хотин, 25 октябрда эса Самарқанд вилояти Оқдарё туманида бир оиланинг уч аъзоси, жумладан, 4-синф ўқувчиси ва 4 яшар бола ис газидан заҳарланиб вафот этганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG