Жўқорғу Кенеш депутати Оқилбек Тумонбоев Сооронбай Жээнбековни собиқ божхоначи Раиймбек Матраимов билан алоқалари деб собиқ президент мақомидан маҳрум қилишни таклиф қилди.
Депутатнинг айтишича, Матраимов билан алоқаси бўлган бир неча депутат аллақачон парламентдан кетгизилган, вазирлар ўз лавозимидан маҳрум қилинган.
“Аммо Матраимовни сиёсий майдонга олиб келган шахс бор, унинг номи тилга олинмайди. Бу одам давлат ҳисобидан яшайди. Ким бу? Бу Сооронбай Жээнбеков. У ҳоким, бош вазир бўлганлигида бу одамларни қўллаб-қувватлаган. Сооронбай Жээнбеков уни [Райимбек Матраимовни] сиёсий майдонга олиб чиқди, унга партия тузиб берди”, деди Тумонбоев.
Жўқорғу Кенеш спикери ўринбосари Нурланбек Азигалиевга кўра, Жээнбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш учун аввал фракция қарори зарур, сўнгра тегишли комиссия тузилиб бу масалани кўриб чиқиши мумкин.
Қирғизистонни жами бешта президент бошқарган, улардан фақат Роза Отунбаева ва Сооронбай Жээнбековларгина собиқ президент мақомини сақлаб қолган. Бу мақом эгаси дахлсизлик ва муайян имтиёзлар ҳуқуқига эга.
Жээнбековни бу мақомдан маҳрум этиш таклифини аввалроқ бошқа фаоллар ва ҳатто ўзи шу мақомдан маҳрум бўлган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам билдирган эди.
Сооронбай Жээнбеков Атамбаевнинг вориси сифатида 2017 йилда президентликка сайланган. У 2020 йилгача мамлакатни бошқарган ва октябрь ойида парламент сайловлари натижаларини бекор қилиш талаби билан ўтказилган оммавий намойишлар оқибатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан. Сайлов натижалари ҳам алалоқибат бекор қилинган.
Қирғизистонни жами бешта президент бошқарган, улардан фақат Роза Отунбаева ва Сооронбай Жээнбековларгина собиқ президент мақомини сақлаб қолган. Бу мақом эгаси дахлсизлик ва муайян имтиёзлар ҳуқуқига эга.