Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуга кўра, Марказий Осиёда Россияга қарши ҳаракат қилаётган ноҳукумат ташкилотлари фаоллашган. Бу ҳақда Шойгу 27 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги коллегиясида айтди.
Вазирнинг айтишича, Марказий Осиёда 16 мингдан ортиқ ваколатхоналари ва филиалларга эга 100 дан ортиқ йирик “ғарбпараст нодавлат ташкилотлар” фаолият юритмоқда.
“Махсус ҳарбий амалиёт фонида бу ННТлар Марказий Осиё давлатларининг Россия билан ҳарбий-техник, иқтисодий ва маданий ҳамкорлигига раҳна солиш мақсадида Россияга қарши сезиларли даражада фаоллашди. Биз тегишли чора кўрмоқдамиз”, деди Шойгу, бироқ қандай чоралар назарда тутилаётганини айтмади.
Сергей Шойгу маълум қилишича, жорий йилда асосий урғу "Марказий Осиёда вазиятларни бартараф этишга" ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ўтказиладиган еттита ўқув машғулотларида қатнашишга берилади.
Россия Марказий Осиёга ўзининг дала ҳовлиси ва анъанавий таъсир зонаси сифатида қарайди. Қатор экспертларнинг фикрича, Украинага босқин Марказий Осиёда Москванинг нуфузини заифлаштирди ва ўрнига Хитой таъсири кучайишига сабаб бўлмоқда.
Вазирнинг айтишича, Марказий Осиёда 16 мингдан ортиқ ваколатхоналари ва филиалларга эга 100 дан ортиқ йирик “ғарбпараст нодавлат ташкилотлар” фаолият юритмоқда.