Ссылки доступа

Мутасаддилар Душанбеда электр токи мунтазам узилишига изоҳ бермаяпти


Бироқ, Душанбе электр тармоқлари корхонасининг навбатчи ходими маълум қилишича, пойтахт туманларида электр энергия юқоридан кўрсатма асосида узилмоқда.

Мутасаддилар расман Душанбеда электр энергиясига чеклов киритилганини тан олмаяпти. Бироқ, Душанбе электр тармоқлари корхонасининг навбатчи ходими маълум қилишича, пойтахтнинг туманларида электр энергия юқоридан кўрсатма асосида узилмоқда. Унинг айтишича, Нурек сув омборида сув танқислиги деб раҳбарият пойтахт туманларининг электр таъминотини навбатма-навбат чеклаш буйруғини берган.

Бу чекловлар яна қанча давом этиши ҳозирча маълум эмас. Февраль ойи бошида Нурек ГЭСи раҳбарияти сув омборидаги сув сатҳи ўтган йилга нисбатан юқори бўлганини маълум қилган эди.

“Барки тожик” энергетика холдинги вазиятга изоҳ бермади.

Аҳоли, айниқса марказдан узоқроқ туманлардаги кўп қаватли уйларнинг аҳолиси, шу совуқ кунларда ёритилмаётган ва исситилмаётган уйларда соатлаб яшашга мажбур бўлаётганидан шикоят қилмоқда.

Синоптикларнинг хабар беришича, мамлакатда совуқ ҳаво камида 4 мартгача сақланиб қолади. Бундай вазиятда баъзи одамлар уйларини иситиш ва овқат пишириш учун барча, жумладан хавфли усулларни синаб кўрмоқда.

Натижада, пойтахтда ҳам ис газидан заҳарланиш воқеалари кўпайган. Масалан, 27 февралга ўтар кечаси пойтахт туманларининг бирида олти кишилик оила ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлгани маълум бўлди.

Электр энергия танқислиги тожикларнинг куз-қиш давридаги асосий муаммоларидан биридир. Аввал бу муаммо асосан олис қишлоқ аҳолисини қийнаган бўлса, бу йилдан элект энергиясига чекловлар Душанбеда ҳам жорий этилган.

Тожикистон улкан сув ресурсларига эга, бироқ аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш муаммоси ҳалигача ҳал қилинмаган.

XS
SM
MD
LG