Ссылки доступа

Россиядан ўта диндор муҳожирлар депортация қилинмоқда (видео)


“ОМОН масжидга бостириб кирди” видеосини топиб, мен бу одамлардан сабоқ олаётганимни айтишди”: муҳожирлар Россиядан "экстремизм" айблови билан чиқарилиб юборилаётгани ҳақида.

Россияда "динга муккасидан кетганликда" гумонланган меҳнат муҳожирларини депортация қилиш ҳолатлари тобора кўпроқ учрамоқда.

Кучишлатарлар меҳнат муҳожирларининг телефонларини кўздан кечириб, қандайдир оқимларга мансублигини сўрамоқда. Шубҳали кўринган, "динга муккасидан кетгандек" туюлган муҳожирлар Россияга киритилмаяпти ёки, Россияда бўлса, депортация қилинмоқда.

Migrant.Media лойиҳаси журналистлари шу йўсинда депортация қилинган бир нечта одам билан суҳбатлашди.

Қирғизистон фуқароси бўлмиш Қамбар кўп йиллар Россияда яшаб, ишлаб келган. Аммо унинг Москвага сўнгги сафари тўсатдан барбод бўлди: аэропортда сўроққа тутилган Қамбар дарҳол ўз ватанига депортация қилинган.

“Телефонимни сўрашди, аввалгидек текшириб қўйиб юборишади деб ўйладим. Youtube платформасида Мақсат Ажи ва Чубак Ажи каби уламоларнинг маърузаларини тинглаганман. Улар мени Россияда экстремистик ташкилот сифатида тан олинган “Таблиғи жамоат”га аъзоликда айблаб, депортация қилди”, дейди Қамбар

Қамбарнинг яна бир ватандоши Нуразим билан ҳам шундай воқеа содир бўлди. Унга 49 йилга Россияга кириш тақиқланди. Нуразим айтишича, аэропортда асосан соқол қўйган эркакларни ушлаб, динга муносабатини сўрашмоқда.

“Телефонимни титкилаб, “ОМОН масжидга бостириб кирди” сарлавҳали видео кўрганимни кўриб, мен бундай видеолар орқали шу одамлардан намуна олишимни айтишди”.

Сўров қилинган муҳожирларнинг айтишича, кучишлатарлар улар қайси диний оқимга мансублигини ва динга муносабатини суриштирмоқда. Айрим муҳожирлардан нега Яқин Шарққа жиҳодга бормаганликларини ҳам сўрашган.

Мигрантларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган қирғизистонлик адвокат Мирлан Токтобековнинг таъкидлашича, охирги пайтларда муҳожирлар Россиядан динга муносабати деб депортация қилинаётгани тобора кўпроқ учрамоқда. У россиялик кучишлатарлар динни яхши тушунмаслигини ва доимо ҳам «тақиқланган» уламони тақиқланмаганидан ажрата олмаслигини алоҳида таъкидлайди. Шунинг учун Россияга кетаётганларга у "ҳар эҳтимолга қарши" барча уламоларнинг маърузаларини телефондан ўчириб ташлашни тавсия қилади.

“Сўнгги пайтларда одамларни ташқи кўриниши, паспортдаги соқолли сурати ёки диний либоси деб депортация қилиш ҳолатлари кўпайган. Украинадаги уруш деб Россияда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Бироқ бу дин билан боғлиқ бўлмаса керак. Мен буни оддий ксенофобия ва исломофобия билан боғлайман, бошқа сабаб кўрмаяпман", дейди Токтобеков.

XS
SM
MD
LG