Ссылки доступа

Олмаотада янги технологиялар асосида фавқулодда вазият ҳақида хабар бериш тизими жорий этилади


4 март куни содир бўлган зилзиладан бир дақиқа ўтиб уйларнинг томларига ўрнатилган огоҳлантириш тизими ишлаб кетган. Огоҳлантирувчи СМС-хабарлар эса зилзиладан бир соат ўтиб келган.

Олмаотада май ойи охиригача мобил қурилмалар орқали фавқулодда вазиятлар тўғрисида тезкор хабар бериш тизими синовдан ўтказилади.

Бу ҳақда сешанба куни ҳукумат йиғилишида Олмаота ҳокими Ерболат Досаев маълум қилди.

“Mass Alert” тамойили асосида ҳамда Cell Broadcast технологиясидан фойдаланган ҳолда аҳолини тезкор огоҳлантириш тизимини жорий этиш учун 475 миллион тенге ажратилган.

Таъкидланишича, анъанавий СМС-дан фарқли ўлароқ, Cell Broadcast технологияси тармоққа қўшимча юклама бўлмайди ва базавий станция антенналарининг қамров зонасида барча абонентларга зудлик билан хабар беришни таъминлайди.

4 март куни эпицентри Иссиқкўл вилояти Чўлпонота шаҳридан 35 километр узоқликда бўлган 5,8 магнитудали зилзила юз берган.

Зилзила Бишкекда 4 балл, Олмаотада 4,5 балл кучланишда сезилган.

Зилзиладан бир дақиқа ўтиб уйларнинг томларига ўрнатилган огоҳлантириш тизими ишлаб кетган. Огоҳлантирувчи СМС-хабарлар эса зилзиладан бир соат ўтиб келган.

Бу жорий йилдаги иккинчи зилзиладир. 22 январь куни Олмаота шаҳрида 5 баллик зилзила бўлиб ўтган, такрорий ер силкинишлари кузатилган. Зилзила эпицентри Хитой-Қирғизистон чегараси яқинидаги Шинжон-Уйғур автоном минтақасининг Аксу округида жойлашган. Зилзила кучи эпицентрда 7 баллни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG