Аввалроқ, 3 март куни Италиянинг Il Messaggero газетаси ҳам бу ҳақда ёзган эди.
Ҳодиса ўтган йилнинг 4—5 август кунлари Тоскана провинциясида содир бўлган, бироқ бу ҳақда Сиена полицияси ишга аралашганидан кейингина маълум бўлди. Айбланувчиларнинг икки нафари ҳозирда тергов қилинмоқда, учинчиси вояга етмаган. Айбловларнинг жиддийлигига қарамай, Сиена прокуратураси дарҳол терговни бошламаган, бу эса йирик халқаро жанжалга сабаб бўлган.
Ўзбекистонлик қиличбознинг юридик вакили айбланаётган спортчиларга нисбатан чора кўрилмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини ва учаласига ҳам ҳеч қандай санкция қўлланилмагани ёки мусобақалардан четлатилмаганини таъкидлади.
Қизнинг сўзларига кўра, Италия қиличбозлик федерациясининг (ФИС) уч нафар спортчиси уни 2023 йил август ойида Италиянинг Кяньчано-Терме провинциясидаги спорт лагерида зўрлаган. Зўрлашда айбланган икки спортчи Сиена прокуратураси томонидан гумонланувчи сифатида тергов қилинмоқда. Қизнинг адвокати Лучиано Гуидарелли олти ойдан бери ФИСга сўровлар юбориб, гумонланувчиларни эҳтиёт чораси сифатида мусобақадан четлаштиришни талаб қилмоқда. Адвокатнинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг август ойидан бери қиз мусобақа майдонларида улар билан икки марта кесишган ва бу унинг “иккинчи даражали травмаси”га сабаб бўлган.
Бир неча сўров юбордим ва президент билан учрашиш учун федерация штаб-квартирасига бордим, лекин у мени қабул қилмади. Мен котиб билан гаплашдим. Прокуратурада тергов давом этмоқда, бироқ биронта ҳам чора белгиланмаган, — дейди Лучиано Гуидарелли.
Il Messaggero нашрининг ёзишича, зўрлаш 5 августга ўтар кечаси содир бўлган.
Radiotelevisione Italiana хабарига кўра, жабрланувчи терговчиларга кечаси йиғин иштирокчилари учун зиёфат бўлганини айтган. Қиз нимадир ичган, шундан сўнг уч нафар йигит билан бир хонада уйғонган. Қиз у ерга қандай бориб қолганини эслолмаган. Хонадан қочмоқчи бўлганида, қаттиқ оғриқни ҳис қилган. У хонасига қайтгач, жамоадошига бўлган воқеани айтиб берган. Қизнинг танасида кўкаришлар ва жароҳатлар бўлган. Хонадош шериги жабрланувчининг онасига қўнғироқ қилган, шундан сўнг аёл етиб келиб, қизини тез ёрдам бўлимига олиб борган ва жинсий зўравонлик ҳақида полицияга хабар берган.
Ҳозирда икки нафар гумонланувчига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, учинчисига нисбатан иш эса вояга етмаганлар бўйича прокуратура томонидан текширилмоқда, чунки унинг ўзи ҳали 18 ёшга тўлмаган. Улар айбловларни рад этиб, айбсиз эканини таъкидламоқда.
Жабрланувчининг адвокати Лусиано Гуидарелли прокуратура ва Италия қиличбозлик федерациясининг тергов остидаги спортчиларга нисбатан чора кўришдаги муносабатини қоралади, дейилади хабарда.
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси 5 март куни бу маълумотни рад этиб, 2023 йил август ойи бошида қиличбозлик бўйича терма жамоа аъзолари Италиядаги халқаро ўқув-машғулот йиғинларида эмас, Хитойда бўлиб ўтган Бутунжаҳон Универсиада мусобақаларида иштирок этганини маълум қилган.
Муносабатда «бу асоссиз, ишончсиз ва, боз устига, текширилмаган маълумотларнинг чоп этилиши соҳта ва ёлғон» экани ҳамда «айрим интернет сайтлари муҳаррирлари ОАВнинг ахлоқий меъёрларига риоя қилмаётгани» қайд этилган.