АҚШ Олий суди судьялари бир овоздан Трамп Конституциянинг 14-банди бўйича жавобгар эмас, деган қарорга келган. Конституциянинг мазкур бандига асосан “исёнчилар” давлат хизматларида ишлай олмайди.
Колорадо Олий суди ўтган йилнинг декабрида Дональд Трампни президентликка номзод сифатида штат сайлов бюллетенига киритишни тақиқлаган эди. Суд бу қарор қабул қилинишига Трампнинг 2021 йил 6 январь воқеаларига алоқадорлиги сабаб бўлганини иддао қилган.
2021 йил 6 январда Трамп тарафдорлари президентлик сайловида Жо Байден ғалаба қилгани тасдиқланишига йўл қўймаслик мақсадида Конгрессни босиб олишга уринганди.
Конституцияга киритилган 14-ўзгартишга мувофиқ АҚШда исён ёки бўйсунмасликка чақирган шахс сайланиш ва давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Олий суд қарорида таъкидланишича, президентликка номзодларни номзодлар рўйхатидан фақат АҚШ Конгресси чиқара олади, алоҳида штатлар эса бундай ҳуқуққа эга эмас.
Олий суд 22 апрелда Дональд Трампни 2020 йилдаги сайловда юз берган исён юзасидан жиноий таъқиб қилмаслик масаласини кўриб чиқишга рози бўлди.
“Бу Америка учун катта муваффақият”, – деди Трамп.
АҚШда қатор штатларда Трампнинг сайловларда иштирок этишини тақиқловчи суд қарорлари қабул қилинган. Масалан, Иллинойс суди 28 февралда штатда ўтадиган партиялар праймеризда Дональд Трамп исмини сайлов бюллетенидан ўчириб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.
Бундан ташқари, Трампни сайловдаги иштирокини тақиқлаш тўғрисидаги аризалар АҚШнинг 16 штатидаги судларга тақдим этилган.