Қарағандалик ҳуқуқбон, Евроосиё инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Жаслан Аитмаганбетов уйида ва ишхонасида тинтув ўтказилганини, ҳамда, фирибгарлик бўйича жиноий иш доирасида гувоҳ сифатида жалб этилганини маълум қилди.
Аитмаганбетов телефонлари, ноутбуки, баъзи ҳужжатлари ва диний адабиётлар мусодара қилинганини айтди. Фирибгарлик бўйича иш унинг хотини тўрт нафар фарзанди учун 95 минг тенге нафақа олгани билн боғлиқ экан.
Ҳуқуқбон тинтувларни жамоатчилик фаолияти билан боғлайди. Жаслан Аитмаганбетов асосан диндорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга ихтисослашган ҳуқуқбон ҳисобланади.
У 2023 йилнинг март ойида мустақил номзод сифатида парламент депутатлигига сайланмоқчи бўлган. Сайловга бир неча кун қолганида Қарағанда округ сайлов комиссияси уни “эрта сайловолди ташвиқоти”да айблаб, номзодлигини бекор қилган.