Ссылки доступа

Тожикистон Фаластинда зудлик билан оташкесим ўрнатишга чақирди


5 март куни Жидда шаҳрида “Фаластиндаги ҳалокатли вазият”га бағишланган ИҲТ йиғилиши бўлиб ўтди.

Тожикистон халқаро ҳамжамиятни Фаластинда зудлик билан тинч мулоқот орқали мустаҳкам тинчликка эришиш учун “самарали чоралар” кўришга чақирди.

Бундай чақириқ билан ТИВ вазири Сирожиддин Муҳриддин Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари йиғилишида чиққан.

ИҲТнинг 5 март куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиши “Фаластиндаги ҳалокатли вазият”га бағишланган эди.

Тожикистон авваллари ҳам бир неча бор Яқин Шарқдаги зўравонликни қоралаб, томонларни “вазиятни нормаллаштириш учун зудлик билан мулоқотни бошлашга” чақирган. Тожикистон, жумладан, октябр ойида Ғазодаги “Ал Аҳли” касалхонасига Исроилнинг ҳужуми юзасидан ҳам расмий баёнот берган.

2023 йил 11 ноябрь куни Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ар-Риёдда бўлиб ўтган қўшма саммитида сўзга чиққан Тожикистон президенти пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, 1967 йилги чегара доирасида Фаластин давлатини тузишни қўллаб-қувватлаган.

2023 йилнинг октябрида Ҳамас бошчилигидаги жангарилар кутилмаган ҳужумда Исроил жанубига бостириб кириб, аҳоли пунктларини вайрон қилган, 1200 га яқин одамни ўлдирган ва 250 га яқинни, жумладан, болалар ва чақалоқларни гаровга олган эди.

Исроил яқин тарихдаги энг ҳалокатли ҳарбий кампаниялардан бири билан жавоб қайтарди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, урушда 30 мингдан ортиқ фаластинлик ўлди. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисининг қарийб 80 фоизи ўз уйларини тарк этди ва аҳолининг тўртдан бир қисми очарчиликка дучор келди.

Урушда 12,300 дан ортиқ фаластинлик болалар ва ўсмирлар ҳалок бўлган. Аёллар ва болалар биргаликда ҳалок бўлганларнинг тўртдан уч қисмини ташкил қилади.

Исроил 10 мингдан ортиқ Ҳамас жангариларини ўлдирганини даъво қилмоқда, бироқ ҳеч қандай далил келтирмаган.

Уруш омон қолган болалар учун ҳаётни дўзахга айлантирди, Ғазо сектори шимолидаги баъзиларни тиббий ёрдамдан мосуво қилди, дейди ёрдам ташкилотлари.

XS
SM
MD
LG